2.1. “APEX BANK” АЖнинг номинал қиймати 1 000 (бир минг) сўм бўлган 150 000 000 (бир юз эллик миллион) дона, умумий қиймати 150 000 000 000 (бир юз эллик миллиард) сўмлик эгасининг номи ёзилган оддий, ҳужжатсиз шаклдаги қўшимча акциялари муомалага чиқарилсин.
2.2. Қўшимча акцияларни жойлаштириш тартиби ва муомалага киритиш шартлари қуйидагича тасдиқлансин:
– акцияларни жойлаштириш усули – акциялар акциядорларга имтиёзли сотиб олиш ҳуқуқи тақдим қилган холда, ёпиқ обуна орқали Банкнинг акциядори Muxitdinov Xamidulla Nuritdinovich га жойлаштирилади.
– акцияларни жойлаштиришнинг муддати – акциялар ваколатли давлат органи томонидан давлат рўйхатига олинган кундан бошлаб 365 (уч юз олтмиш беш) кун муддатда жойлаштирилади.
– акцияларни жойлаштиришни бошлаш санаси – Акциялар чиқарилуви давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги хабар ва имтиёзли ҳуқуқнинг амал қилиш муддати билдиришномаси қонун хужжатларида ўрнатилган тартиб ва муддатларда оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган кундан эътиборан 11 (ўн биринчи) кун, бироқ имтиёзли сотиб олиш ҳуқуқининг амал қилиш муддати ўтгунига қадар Банкнинг барча акциядорларидан имтиёзли ҳуқуқдан фойдаланиш тўғрисида ёки ундан фойдаланишдан воз кечиш ҳақида ёзма равишда аризалар олинган бўлса, акцияларни жойлаштириш ушбу аризалар келиб тушган кундан кейинги иш кунида бошланади. Агар акцияларни жойлаштиришни бошлаш санаси дам олиш кунига тўғри келса, унда акцияларни жойлаштириш кейинги биринчи иш кунида бошланади.
– Акцияларни жойлаштиришни тугатиш санаси – Мазкур чиқарилишнинг сўнгги акцияси жойлаштирилган кун. Бироқ акцияларни жойлаштиришни тугатиш санаси, мазкур чиқарилиш ваколатли давлат органи томонидан давлат рўйхатига олинган кундан бошлаб 365 (уч юз олтмиш беш) кундан ошмаслиги лозим.
– Акцияларни жойлаштиришнинг тартиби – қўшимча чиқарилаётган акциялар Банк томонидан мустақил равишда, қимматли қоғозлар бозори профессионал иштирокчиларини жалб этмасдан, жойлаштирилади. Қўшимча чиқарилаётган акцияларни жойлаштириш “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг хуқуқларини химоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 35-36-моддаларига асосан Банк акциядорларига имтиёзли сотиб олиш ҳуқуқини тақдим этган холда, ёпиқ обуна орқали амалга оширилади. Акциялар имтиёзли сотиб олиш ҳуқуқи орқали жойлаштирилаётганда акциядорлар билан уюшмаган биржадан ташқари қимматли қоғозлар бозорида тўғридан тўғри фуқаролик – ҳуқуқий битими тузилади. Акциядорлар томонидан имтиёзли хуқуқ қўлланилмаган ёки имтиёзли хуқуқнинг амал қилиш муддати тугаган тақдирда барча акциялар ёпиқ обуна орқали қимматли қоғозлар савдоси ташкилотчиларининг савдо майдончасида қонунчиликда белгиланган тартибда, савдо ташкилотчисининг қоидаларига мувофиқ битим тузиш билан Банкнинг акциядори Muxitdinov Xamidulla Nuritdinovich га жойлаштирилади.
- Акцияларни олишга бўлган имтиёзли ҳуқуқни амалга ошириш тартиби - Банкнинг акцияларини имтиёзли сотиб олиш ҳуқуқига эга шахсларнинг рўйхати 2024 йил 23 апрел ҳолатига шакллантирилган Банкнинг акциядорлари реестрининг маълумотлари асосида тузилади.
Банк акцияларнинг чиқарилиши давлат рўйхатидан ўтказилган санадан эътиборан 5 (беш) кун ичида оммавий ахборот воситаларида эълон қилиш орқали ўзининг имтиёзли ҳуқуқига эга бўлган акциядорларига акцияларни мазкур акциядорларда мавжуд бўлган акциялар сонига мутаносиб равишда тенг шартларда олишни таклиф этади.
Билдиришнома матнида жойлаштирилаётган акцияларнинг сони, уларни жойлаштириш нархи, ҳар бир акциядор олишга ҳақли бўлган акцияларнинг сонини аниқлаш тартиби, акциядорларнинг бу ҳуқуқи амал қиладиган муддат ва уни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги маълумотлар бўлиши лозим.
Имтиёзли сотиб олиш ҳуқуқининг амал қилиш муддати билдиришнома эълон қилинган пайтдан эътиборан 10 (ўн) кун давомида амал қилади.
Имтиёзли сотиб олиш ҳуқуқининг амал қилиш муддати, агар бу муддат ўтгунига қадар Банкнинг барча акциядорларидан имтиёзли сотиб олиш ҳуқуқидан фойдаланиш тўғрисида ёки ундан фойдаланишдан воз кечиш ҳақида ёзма равишда аризалар олинган бўлса, тугайди.
Имтиёзли ҳуқуққа эга бўлган акциядорлар акцияларни олиши тўғрисида ўзининг исми – шарифи (номи) ва яшаш жойи (жойлашган ери), ўзи оладиган акцияларнинг сони кўрсатилган ёзма шаклдаги аризани ва ҳақ тўлаганлик тўғрисидаги ҳужжатни Банкка юбориш орқали ўз имтиёзли ҳуқуқини тўлиқ ёки қисман амалга оширишга ҳақлидирлар. Бундай ариза мазкур имтиёзли ҳуқуқнинг амал қилиш муддати ичида Банкка тақдим этилиши керак.
– Ушбу чиқарилишдаги акцияларни жойлаштириш баҳоси - акциялар 1 000 (бир минг) сўм қийматда жойлаштирилади.
– Акцияларни тўлаш шартлари ва тартиби - Акциялар учун тўловлар Ўзбекистон Республикасининг миллий валютасида амалга оширилади. Акцияларни жойлаштириш жараёнида акциялар учун тўловлар нақд ва/ёки нақдсиз шаклда, Тошкент шаҳри, Яккасарой тумани, Братислава кўчаси, 2-уй манзили бўйича жойлашган “APEX BANK” акциядорлик жамиятининг (қисқа номи – “APEX BANK” АЖ) 2983 0000 3000 0119 6002 транзит ҳисоб рақамларига пул маблағларини ўтказиш орқали, шу жумладан пластик карта орқали, амалга оширилади. (Банк коди – 01196).
Акциялар учун тўланадиган нақд пуллар Тошкент шаҳри, Яккасарой тумани, Братислава кўчаси, 2-уй манзили бўйича жойлашган “APEX BANK” АЖ кассасига қабул қилинади.
Банк акциялари учун тўловлар акцияларни жойлаштириш муддати ичида амалга оширилиши керак.
- Ушбу акциялар чиқарилиши амалга ошмаган деб топилган тақдирда банк томонидан акциялар тўлови сифатида олинган воситаларни қайтариш тартиби – Акциялар чиқарилиши амалга ошмаган деб тан олинган тақдирда акциялар учун тўланган маблағларнинг қайтарилиши қўйидагича амалга оширилади:
“APEX BANK” АЖ томонидан ушбу ҳолат тўғрисида ўрнатилган тартибда расмий маълумот (Қимматли қоғозлар чиқарилишини амалга ошмаган деб топиш муҳим факти – 28) “APEX BANK” АЖ расмий вэб сайтида (www.apexbank.uz) ва Корпоратив ахборот ягона порталида (www.openinfo.uz) ошкор этилади.
Акциялар чиқарилуви амалга ошмаган деб топилган санадан сўнг 5 (беш) иш куни давомида акциялар учун тўланган маблағлар Банк томонидан акциядорларнинг банк хисоб рақамларига ўтказиб бериш орқали қайтарилади.